Бухорода 168,5 мингга яқин газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилди
Бухоро вилоятида 168 476 дона газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бухоро вилоятида 17 август куни ҳолатига кўра, аҳоли хонадонлари ва улгуржи истеъмолчиларнинг 168 476 дона газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилган. Бундан ташқари, 60 000 дан ортиқ газ истеъмолчиларига газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича тушунтириш ва йўриқномалар берилган.
Қайд этилишича, вилоятда 100 825 дона 2 кампаракли газ плиталари, 296 405 дона 3 ва 4 кампаракли газ плиталари ҳисобга олинган. Шунингдек, 290 819 дона иситиш печлари, 472 72 дона сув иситиш ҳамда 30 528 дона иситиш қозонлари техник кўрикдан ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, жорий йилда истеъмолчилар томонидан фойдаланишда бўлган 765 000 дан ортиқ газ жиҳозлари мавжуд.
Aввалроқ Aндижонда маиший газ баллонлар тепа қисмини тамғалаш йўли билан қайта таъмирдан чиқарилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманганда 50 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилгани маълум қилинганди.