Чортоқ тумани пахта топшириш режасини вилоятда биринчи бўлиб бажарди
Наманган вилояти Чортоқ тумани пахта топшириш режасини вилоятда биринчи бўлиб бажарди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туманда 4 октябрь ҳолатига кўра, 3814 тонна пахта терилган.
Қайд этилишича, мавсум давомида терим пулини ўз вақтида етказиб бериш чораси кўрилган. Ҳашарчиларни рағбатлантириш ва руҳлантириш мақсадида мавсум давомида туман ҳокимлиги ва қатор давлат, жамоат ташкилотларининг совғалари бериб борилган.
Шунингдек, 2020 йилги пахта йиғим-терим мавсумида 52 фермер хўжалигининг 1067 гектар дала майдонларида кластер усулида ҳосил етиштирилган. Туман пахта топшириш режасини бажарган бўлсада, теримчилар даладаги қолган ҳосилни ҳам теришни нийят қилган.
Маълумот учун, 13 сентябрь куни «Наманган тўқимачи кластер» масъулияти чекланган жамиятининг Чортоқ пахта қабул қилиш масканида 2020 йилги пахта йиғим-терим мавсумининг илк карвони тарозидан ўтказилган.
Бундан аввал Улуғнордаги фермер хўжалиги пахта топшириш режасини биринчилардан бўлиб бажаргани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бухорода Қоровулбозордаги фермер хўжалиги пахта топшириш режасини биринчилардан бўлиб ҳамда Фарғонадаги учта туманда пахта режаси бажарилгани маълум қилинди.