Булунғурда суюлтирилган газни юқори нархларда сотаётган тўртта «бункер» борлиги аниқланди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида 23 октябрь куни суюлтирилган газни юқори нархларда сотаётган 4 та «бункер» борлиги аниқланди. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда суюлтирилган газ баллон етказиб берувчи автомашина ҳайдовчиси кўчада ноқонуний тарзда газ баллонларини сотаётгани акс этган видео тарқалган. Ушбу видео юзасидан «Zo‘r TV» телеканали «Bu Kun» дастури мухбири Булунғур туманида журналистик текширувлари бўйича 22 октябрь куни эфирга узатилган лавҳада туманнинг «Сулувқўрғон» маҳалласига 5 ойдан буён газ келмаётгани айтилган. Шунингдек, газ баллонларини тўплаб олиб кетувчи жой эгалари 22 минг 400 сўмлик баллон учун 28 минг сўмдан пул олаётгани, бу ҳолат мутасаддилар томонидан назоратга олиниши зарурлиги ҳақида сўз борган.

Мазкур масала юзасидан ҳолатни жойида ўрганиш ҳамда амалий ёрдам бериш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг 23 октябрдаги ички фармойишига асосан ишчи гуруҳ ташкил этилди. Унинг таркибига республиканинг Қашқадарё, Жиззах ва Тошкент вилоятидан ҳамда Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларидан тажрибали мутахассислар жалб этилган.

Қайд этилишича, ишчи гуруҳ томонидан туманнинг 54 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 27 636 нафар истеъмолчига 5 та «Isuzu» автотранспорти орқали суюлтирилган газ етказиб бериш ҳолати танлов асосида ўрганиб чиқилди. Туман истеъмолчиларига жами 30 729 дона маиший газ баллони орқали хизмат кўрсатилиб, уларнинг маиший газ баллонлари билан таъминланганлик даражаси 108,5 фоизни ташкил этади.

Ишчи гуруҳ «Сулувқўрғон», «Оқтепа», «Мингчинор», «Ўроқли», «Бешкуви», «Истиқлол», «Гулзор», «Нурли йўл», «Авлиё Парпи», «Хўжамазгил», «Янгиқўрғон» каби жами 14 та маҳаллада бўлиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказган.

Ўрганиш давомида ҳақиқатдан, жойларда аҳоли тили билан айтганда 4 та «бункер» фаолият олиб бориши, улар томонидан нарх сунъий оширилиб, 31 минг сўмгача сотилишига имкониятлар яратилганлиги аниқланди. Мазкур ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан тўлиқ бартараф этилди. Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тартиби, уни ўрнатишда амалга ошириладиган ишлар ҳамда нарҳлар бўйича тушунтириш ва маълумотлар берилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда суюлтирилган газ баллонлари онлайн назорат қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар