Андижонда аҳолига сўнгги ўн ойда 47 минг тонна суюлтирилган газ етказилди

Андижон вилояти аҳолисига сўнгги ўн ойда 47 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 30 октябрь куни «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали томонидан вилоят бўйича 425 мингга яқин истеъмолчиларга 575 минг дона газ баллони орқали суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

Барча истеъмолчиларга 4 та газ тўлдириш станция ва шаҳобчалари орқали суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилган. Ушбу газ тўлдириш шохобчаларининг ойлик газ тўлдириш қуввати 4860 тонна ва газ сақлаш қуввати 457 тоннани ташкил этган. Ушбу шохобчалар бир вақтнинг ўзида 28 та махсус газ ташиш автотранспортларига хизмат қилиш имкониятига эга.

Қайд этилишича, вилоятда бошқа турдаги истеъмолчиларга 2019 йилда 47 минг тоннадан зиёдроқ суюлтирилган газ етказиб берилган. 2020 йилнинг ўтган 10 ой давомида 47 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ истеъмолчиларга етказилган. Натижада 2 миллион 350 мингтадан ортиқ газ баллонлари «айланма» усул орқали алмаштирилиб берилган.

Фото: «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали матбуот хизмати

«Хонободшаҳаргаз» газ таъминоти бўлими 113 фоизга, «Марҳаматтумангаз» ва «Пахтаободтумангаз» филиаллари 106 фоизга, улуғнорликлар 104 фоизга ҳамда қорасувлик газ таъминоти ходимлари 102 фоизга бажарган. Ҳозирда вилоят бўйича суюлтирилган газ етказиб беришнинг ўртача даврийлиги 40—45 кунга тўғри келади.

Хабарга кўра, кунга қадар 62 мингдан ортиқ газ баллонларига штрих кодли стикерлар ўрнатилиб, 215 мингдан ортиқ истеъмолчилар ID карталар билан таъминланган.

Аввалроқ Фарғона туманининг Шоҳимардон қишлоғига 150 тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб берилганди. Шунингдек, Ургутда махсус штрих кодли стикерлари юлиб ташланган газ баллонларини 65 минг сўмдан сотаётган, Пастдарғомдаги маҳаллада газ баллонини 100 минг сўмдан пуллаётган эркак аниқланганди.

Янгиликлар