Ургутда махсус штрих кодли стикерлари юлиб ташланган газ баллонларини 65 минг сўмдан сотаётган эркак ушланди

Самарқанд вилояти Ургут туманида уйида махсус штрих кодли стикерлари юлиб ташланган газ баллонларини 65 минг сўмдан сотаётган эркак ушланди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали ходимлари томонидан туманда аҳолига суюлтирилган газ маҳсулотларини етказиб бериш жараёнлари бўйича фуқаролар билан мулоқот ўтказилган. Ўтказилган мулоқотларда туманнинг «Ғишт масжид» маҳалласида яшовчи фуқаро С.П. хонадонида суюлтирилган газ тўлдирилган баллонлар доимий равишда 65 минг сўмдан сотилаётганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушган.

Маълум қилинишича, мазкур мурожаат юзасидан филиал ходимлари С.П.нинг хонадонида бўлганида, 25 дона суюлтирилган газ тўлдирилган ва 3 дона бўш маиший газ баллони борлиги аниқланган. Шунингдек, ушбу газ баллонларига онлайн тизимга улаш учун ўрнатилган махсус штрих-кодли стикерлар юлиб ташлангани маълум бўлган.

Ўрганишлар давомида С.П. «Ургуттумангаз» газ таъминоти бўлимида ҳайдовчи-экспедитор бўлиб ишлаб келган В.П.нинг укаси эканлиги аниқланган. Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ўрганиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилади.

Эслатиб ўтамиз аввалроқ Пайариқда коронавирусга қарши дориларни ноқонуний равишда сотган эркак қўлга олингани ҳамда Урганчда 3 гектар ерни 40 минг долларга сотмоқчи бўлган раҳбар ушлангани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар