Урганчда 3 гектар ерни 40 минг долларга сотмоқчи бўлган раҳбар ушланди

Хоразм вилояти Урганч туманида чорвачилик билан шуғулланишга мўлжалланган 40 минг долларлик 3 гектар ерни сотмоқчи бўлган раҳбар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Теz Nеws»га хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Урганч туманида фаолият юритувчи «М.Қ.» МЧЖ раҳбари Ж.Қ. фуқаро Ш.Д.нинг ишончига кириб, жамиятга узоқ муддатга чорвачилик фаолияти билан шуғулланиш учун ажратилган ер майдонидан 3 гектарини Урганч тумани ҳокимлиги захирасига қайтармоқчи бўлган.

Қайд этилишича, «М.Қ.» МЧЖ раҳбари Ш.Д.нинг номига расмийлаштириб бериши эвазига 40 000 долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Хоразм вилоят бошқармалари томонидан ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ж.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган.

Аввалроқ Марғилонда фуқарони Қирғизистондаги университетга киритишини айтиб, ундан 2,6 минг доллар олган шериклар, Жалақудуқда эса 350 дан ортиқ кишига ун олиб беришини айтиб, уларни 49 миллион сўмга чув туширганлар ушланганди. Шунингдек, Тошлоқда фирибгарлик билан фуқаронинг салкам 22 минг доллар ва 167 миллион сўм пулини ўзлаштирган эркак қўлга олинганди.