Пастдарғомдаги маҳаллада газ баллонини 100 минг сўмдан пуллаётган эркак аниқланди
«Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали ходимлари Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида газ баллонлари пулланаётганини аниқлади. Бу ҳақда филиал матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, «Жовулқосим» маҳалласида яшовчи фуқаро Шукрулло Каримов «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиалига телефон орқали мурожаат қилиб, «Маҳаллага газ баллонлари ўз вақтида келмайди, аммо излаштирилса газ идоралари ходимлари томонидан исталган вақтда 120 минг сўмдан сотилади», деб айтган. Филиал ходимлари ушбу ҳолатни ўрганган.
Ўрганишлар жараёнида, «Жовулқосим» маҳалласини кесиб ўтадиган Самарқанд—Жума магистраль йўлида «Эски Жума» маҳалласида яшовчи, газ идорасига умуман алоқаси йўқ фуқаро С.Т. 5 дона маиший газ баллонини сотаётгани аниқланган. С.Т. шахсий «Matiz» русумли автомашинасида 1 дона стикер ёпиштирилган суюлтирилган газ баллонни «Жовулқосим» маҳалласида яшовчи Ж.исмли фуқарога 100 минг сўмдан сотаётган бўлган.
Фуқаро ўзининг тушунтириш хатида, газ тўлдирилган 5 та баллонни 22 октябрь куни «Эски Жума» маҳалласи аҳлига газ тарқатилаётган пайт қўшниларига биттадан баллон тарқатгани ва ҳар бир хонадонда иккитадан оила яшашини айтиб, тўлдириб олганлигини билдирган. Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ўрганиш учун хуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилган.
Аввалроқ Пайариқда сентябрь ойида аҳолига салкам 500 тонна суюлтирилган газ етказилгани, Бағдодда хонадондан 400 мигн сўмлик газ балонини ўғирлаган эркак қўлга олингани хабар қилинган эди.