Бағдодда хонадондан 400 минг сўмлик газ баллонини ўғирлаган эркак қўлга олинди

Фарғона вилояти Боғдод туманида 21 октябрь куни фуқаро хонадонига ноқонуний кириб, нархи 400 минг сўмлик газ баллонини ўғирлаб кетган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Бағдод туманида 22 октябрь куни Шўроқер қишлоғида яшовчи фуқаро Ж.А. Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган. Унда 21 октябрь куни соат 20:30 дан 21:30 ларга қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, хонадон ҳовлисида бўлган нархи 400 минг сўмлик газ баллонини яширин равишда ўғирлаб кетганини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бағдод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни С.М. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Қувада мактаб ҳовлисидан нархи 1,5 миллион сўмлик велосипед ўғирлаган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар