Олтиариқда «Laсetti»нинг пулини охиригача бермай, бошқага сотиб юборган киши қўлга олинди
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида танишининг «Laсetti» автомобилини сотиб олиш учун ярим пулини бериб, қолганини бермай кетган киши қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 2020 йилнинг январь ойида Х.Д. таниши М.Б.нинг ишончига кириб, «Laсetti» русумли автомашинасини 7 минг долларга сотиб олишга келишган. Олдиндан 3 800 доллар бериб, қолган 3 200 долларни май ойи охирига қадар беришини айтган. Сўнг берган ваъдасини бажармасдан, автомашинани Ж.Л.га 6 400 долларга сотиб, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Р.Ф. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш қилиш билан жазоланиши мумкин.
Аввалроқ Фарғона шаҳрида 2 та «Spark» олиб беришни ваъда қилиб, танишини 12 минг долларга «туширган» эркакка жиноят иши қўзғатилгани, Наманган шаҳрида 2 та «Spark»ни 26 минг долларга олишини айтиб, пулини бермаган эркак ушлангани хабар қилинган эди.