Қувада мактаб ҳовлисидан нархи 1,5 млн сўмлик велосипед ўғирлаган эркак қўлга олинди
Фарғона вилояти Қува туманида мактаб ҳовлисида қолдириб кетилган нархи 1 миллион 500 минг сўмлик велосипедни ўғирлаб кетган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Қува туманида 14 октябрь куни фуқаро М.А. Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, унда шу куни номаълум шахс «Туркровот» маҳалласида жойлашган умумтаълим мактаби ҳовлисида қаровсиз қолдирилган нархи 1 миллион 500 минг сўмлик велосипедини яширин равишда ўғирлаб кетганини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қува тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни фуқаро С.Б. содир этганлиги аниқланиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълумот ўрнида юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Қувада нархи салкам 2,5 миллион сўмлик велосипедни ўғирлаган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.