Ўзбекистонда «ҳимоя ордери»ни узайтириш тартиблари маълум қилинди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева 4 ноябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда «ҳимоя ордери» қанча муддатга берилиши ва уни узайтириш тартибларини маълум қилди. Бу ҳақда брифингда қатнашган «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 4 январдаги қарорига асосан «ҳимоя ордери» ўттиз кун муддатгача берилади. Ушбу ордер расмийлаштирилган вақтдан эътиборан кучга киради.

«Оиладаги жабрланган аёлнинг хавфсизлигини таъминлаш зарурати вужудга келган, ‘ҳимоя ордери’ амал қилиши даврида хавф бартараф этилмаган бўлса, ордернинг амал қилиш муддати жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин.

Бунинг учун ҳудуд профилактика инспектори беш иш куни мобайнида жабрланувчининг аризасига кўра мавжуд хавф бартараф этилган ёки этилмаганлигини ўрганади.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи икки иш куни мобайнида тегишли ҳужжатларга асосан ‘ҳимоя ордери’нинг амал қилиш муддатини узайтиради ёки узайтиришни рад этиш тўғрисида асосланган қарор қабул қилади», — дейди  вазирлик матбуот котиби Саодат Боймирзаева.

Маълумот учун, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати узайтирилган даврда зўравонлик содир этган шахсларга қонун доирасида қўшимча чеклов ёки профилактик чора-тадбирлар белгиланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода ўғли томонидан камситилиб, руҳий зўравонлик қилинган онага ҳимоя ордери берилган эди. Шунингдек, Фарғонада оиласида мунтазам келишмовчилик бўладиган аёлга ҳимоя ордери берилгани хабар қилинди.

Янгиликлар