Қўшработда маҳалладошининг 11 млн сўмлик сигирини ўғирлаган эркак ушланди

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида маҳалладошининг 11 миллион сўмлик бир бош сигирини ўғирлаган эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, туманнинг «Сариғул» маҳалласида яшовчи К. бошқармага ариза билан мурожаат қилиб, бу ҳақда маълум қилган. Унинг мурожаатига асосан, 28 октябрь куни номаълум шахс унинг уйи томорқасида боғлаб қўйилган, бозор баҳоси 11 миллион сўмлик бир бош сигирини ўғирлаб кетган.

Маълум қилинишича, туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни шу маҳаллада яшовчи, 1988 йилда туғилган М. содир қилганлиги аниқланиб, ундан ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Чустда 59 миллион сўмлик 2 та қорамолни алдов йўли билан олиб кетган эркакка чора кўрилгани ва Бувайда туманида суратхонага ўғриликка тушган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Сўнгра Бешариқда аёлнинг телефон, 900 доллар пули ҳамда паспорти солинган ҳамённи ўғирлаган эркак қўлга олингани ҳамда Янгиқўрғонда от нархини келишолмаган эркак қўшнисининг қовурғасини синдиргани маълум қилинганди.

Янгиликлар