Шаҳрихонда аҳолига бериладиган салкам 25 тонна кўмирни сотиб юборган мансабдорларга жиноят иши қўзғатилди

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида аҳолига арзонлаштириб бериладиган 24 тонна 3 минг килограмм кўмирни сотиб юборган мансабдорларга жиноят иши қўзгатилди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Шаҳрихон тумани бўлимлари томонидан Ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида «HОWО» русумли юк машинаси ҳайдовчиси ҳеч қандай ҳужжатсиз кўмир маҳсулотларини олиб кетаётганлиги аниқланган.

Хабарга кўра, ушбу ҳолат бўйича ўтказилган текширувда, «Ўзбеккўмир» акцияродлик жамиятининг «Андижон кўмир етказувчи» филиали Шаҳрихон тумани омбори мансабдор шахслари аҳолига етказилиши лозим бўлган арзонлаштирилган 24,3 тонна кўмирни 12,1 миллион сўмга сотиб юборганлиги аниқланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахсга қуйидаги жазолар белгиланиши мумкин:

  • базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима;
  • тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари;
  • икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Бундан аввал Попда 650 килограммга яқин кўмир ўғирлаганлар қўлга олингани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Олтиариқда салкам 16,5 миллион сўмлик кўмир сотиб олиб, пулини бермаган эркакка жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Қўрғонтепада салкам 11 тонна кўмир ўғирлаган 3 нафар эркак ушлангани маълум қилинганди.

Янгиликлар