Тойлоқда 5 йилдан бери алимент пулини тўламаган эркак 15 суткага қамалди
Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида 25 миллион 722 минг сўм алимент қарздорлиги бор ота 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор А.Т.дан ундирувчи М.Э.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Самарқанд шаҳар бўлим иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритиш қўзғатилган. Қарздор А.Т.нинг мол-мулкини аниқлаш мақсадида тегишли давлат идораларига сўров хатлари юборилган бўлиб, унга кўра қарздор номига расмийлаштирилган мол-мулклар аниқланмаган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор А.Т. бир неча марта огоҳлантиришларга қарамасдан 2015 йилнинг июнь ойидан буён алимент тўламай келаётганлиги аниқланди. Унинг алиментдан қарздорлиги ҳисоб-китоб қилинганда бугунги кун ҳолатига 25 миллион 722 минг сўм қарздорлиги мавжудлиги маълум бўлди.
Қайд этилишича, қарздордан алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмаганлиги сабабли унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарлик масаласини кўришлик учун Самарқанд шаҳар маъмурий судига юборилди.
Самарқанд шаҳар маъмурий судининг қарори билан қарздор А.Т.га нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди.
Аввалроқ Каттақўрғонда алимент тўламай келган отадан 27 миллион сўм ундирилгани ҳақида хабар берилганди.