Жомбойда корхона директорининг «Trailblazer»ини олиб қочмоқчи бўлган ишчи ушланди

Самарқанд вилояти Жомбой туманида 2020 йилнинг 28 октябрь куни «Жомбой дон маҳсулотлари» акциядорлик жамиятига тегишли «Trailblazer» русумли машина корхона ходими томонидан олиб қочилаётган пайтда ушланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Хабарга кўра, корхона директори Қ.Ш. туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Мурожаатда шу куни соат 08:30 да директор ҳамда корхона ишчилари ўртасида келишмовчилик сабабли тортишув юзага келгани, фурсатдан фойдаланган ходим А.Б. ҳовлида турган «Trailblazer» — корхона хизмат автомашинасини олиб қочмоқчи бўлгани айтилган. Машина корхона ҳудудидан олиб қочаётганида қўриқчилар томонидан чиқиш дарвозалари беркитиб қўйилади.

Шундан сўнг бошқарувни йўқотган ходим корхонанинг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган қисмига тўқнашиб, автомашинага шикаст етказади. Ўзи эса машинадан тушиб, воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш жараёнида видеокузатув хотираcида сақланган тасвирлар ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилган. Маълум қилинишича, машина олиб қочилаётганда «Жомбой дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти директори жанжални бостириш вақтида енгил тан жароҳати олган.

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан А.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида А.Б.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида автомашина ювиш шохобчасидан «Gentra» ўғирлаган эркак қўлга олингани, Ўзбекистон туманида «Nexia-1» автомашинасини олиб қочган маст эркак ушлангани ҳамда Фарғона шаҳрида «автомойка»дан «Matiz» ўғирлаган эркак қўлга олингани хабар қилинганди.

Янгиликлар