Ўзбекистон туманида «Nexia-1» автомашинасини олиб қочган маст эркак ушланди

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 28 октябрь куни маст ҳолатда «Nexia-1» автомашинасини олиб қочган эркак Қўқон шаҳрида ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Ўзбекистон туманида 28 октябрь куни соат 22:00 ларда фуқаро Э.Қ. спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда, Оқмачит қишлоғида жойлашган ошхона олдида эшиклари қулфланмаган ҳолатда қолдирилган «Nexia-1»ни олиб қочган. Автомобиль М.Н.га тегишли бўлиб, фуқаро уни Қўқон шаҳри ҳудудида бошқариб юрган вақтида, ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган йўл патруль хизмати ходимлари томонидан аниқланиб ушланган.

Фото: Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органи ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш)1-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида «автомойка»дан «Matiz» ўғирлаган эркак, Қўқонда никоҳсиз эрининг «Tracker»ини олиб қочган хотин қўлга олинганди. Шунингдек, Андижонда калити ўт олдиргичда қолган автомашинани олиб қочиб, юк машинасига урилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

Янгиликлар