Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохоналарида иккита янги бўлим очилади
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохоналарида иккита янги бўлим очилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»
Таъкидланишича, Ўзбекистонда эпидемик вазиятнинг барқарорлашаётганлиги муносабати билан аҳолига кўрсатиладиган шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси таркибида коронавирусга чалинган ёки унга гумон қилинган шошилинч терапевтик ёрдамга муҳтож беморлар ҳамда ҳомиладорлар учун бўлим очилиши тасдиқланган.
Мавзуга доир: Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарида коронавирусга оид илмий тадқиқотлар олиб борилади
Шунингдек, Зангиота туманидаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси таркибида коронавирусга чалинган ёки унга гумон қилинган шошилинч хирургик ёрдамга муҳтож беморлар учун бўлим фаолиятини бошлаши ҳам белгиланган.
Аввалроқ Тошкентдаги яна 3 та шифохона коронавирусга чалинган беморларни қабул қилишни тўхтатгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда тақсимлаш маркази ташкил этилгач, COVID-19 беморларини даволаб келган 5 та шифохона ўз йўналишига қайтгани ҳақида хабар берилган.