Тошкентдаги мактабда ота-оналардан нега тилхат олингани айтилди

Ижтимоий тармоқда Тошкентдаги мактабда ота-оналардан фарзандларининг хатти-ҳаракатини назорат қилиш, акс ҳолда жазоланиши ҳақида тилхат ёздирилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Бунга Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси изоҳ берди.

Унга кўра, сўнгги пайтларда болалар иштирокида содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисалари ортиб бормоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида болалар иштирокида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 167 тани ташкил этиб, шундан 7 тасида болалар вафот этган.

Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти таълим муассасаларига қатнов вақтида содир этилаётгани айниқса, бошланғич синф ўқувчилари йўлни кесиб ўтаётган вақтида ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмай туриб автомобиль миниш ҳолатларида, электросамокатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисасининг жабрдийдаларига айланиб бормоқда.

«Юқоридаги кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда ота-оналар зиммасидаги ҳушёрлик ва масъулиятни янада оширишни кўзлаб уларга таълим муассасалари маъмурияти томонидан огоҳлантириш хатлари тақдим этилган», дейилади бошқарманинг муносабатида.

Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мактаб ўқувчиларининг кўча-кўйда ўзини тутиши, йўл ҳаракати хавфсизлик қоидаларига амал қилишида ота-оналар ҳам кўпроқ масъул эканини унутмасликка чақирди.