Ўзбекистонда мактаб директорларига ҳам ойлик устамалар тўланиши мумкин

Ўзбекистонда эндиликда ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритганда мактабларнинг раҳбар ходимларига ва соатбай ишловчи ўқитувчиларга ҳам ойлик устамалар белгиланади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram каналида маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 cентябрдаги «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Киритилган қўшимчаларга кўра, мактабларнинг педагог ходимлари халқаро тадқиқотларга ўқувчиларни тайёрлаб бориш ишларига муносиб ҳисса қўшган тақдирда базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 100 фоиз устама қўшилади. Илгари ушбу устама педагог ходимлар фаолияти давомида юқори натижалар кўрсатган тақдирда тўланган.

Шунингдек, 100 фоизлик устама олишга даъвогар педагог ходимларнинг машғулот олиб борадиган фанлари бўйича ўқувчиларининг билимлари халқаро баҳолаш дастурлари интеграция қилинган назорат материаллари асосида баҳоланади. Бунда назорат материаллари Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази билан ҳамкорликда Республика таълим маркази томонидан тайёрланади.

Илгари назорат материаллари Қорақалпоғистон Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар Халқ таълими бошқармалари томонидан тайёрланган. Бундан ташқари, эндиликда ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритганда мактабларнинг раҳбар ходимларига ва соатбай ишловчи ўқитувчиларга ҳам ойлик устамалар белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда академик лицей ходимларининг иш ҳақи кўтарилиши ҳақда хабар берилган эди.

Янгиликлар