Президентлик сайловида ҳар бир номзодга ташвиқот учун қарийб 5 мрлд сўмдан ажратилади

2023 йилги президентлик сайловларида ҳар бир номзодга ташвиқот учун 4 мрлд 914 млн сўмдан ажратилган. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси аъзоси Адҳам Ибодуллаев айтиб ўтди.

МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг аниқлик киритишича, маблағлар сиёсий партия учун эмас, ҳар бир номзод учун ажратилади.

«Ҳозирги кунда 4 нафар номзод бўлгани учун, шу 4 номзодга маблағ ажратилади. Иккита партия томонидан битта номзод илгари сурилгани учун, шу бир номзодга ажратилган пул доирасида фойдаланиш имконияти бор. «Миллий тикланиш» партияси ташвиқотда иштирок этса ҳам, иштирок этмаса ҳам бўлади. Лекин бир номзодга ажратилган мабағ доирасида», деди у.

Комиссия аъзоси Худоёр Маматов номзодларга ташвиқот учун пул ажратилиш жараёнини тушунтириб берди.

«Сайлов кодексининг 64-моддасига мувофиқ, сиёсий партиялар томонидан президентлика номзодлар тақдим этадиган ҳужжатлар бор. Булар ариза, сиёсий партиянинг қурултойи ўтгани ҳақидаги баённома, номзоднинг шу партиядан номзоди кўрсатилишига розилиги ҳақидаги аризаси ва тўпланган имзолар.

Марказий сайлов комиссияси номзодларни ўрганиб чиқиб, 4 та партиянинг 4 нафар номзодини рўйхатга олади. Рўйхатга олинган номзодлар сонидан келиб чиқиб сайловолди ташвиқоти учун пул ажратилади. Тўрт номзодга бир хил миқдордаги эфир вақти, бир хил вақтдаги нашр майдони, давлат бюджетидан бир хил маблағ ажратилади», деди у.

  • Ўзбекистонда навбатдан ташқари президентлик сайлови 2023 йил 9 июл куни бўлиб ўтиши белгиланган.
  • Қонунчиликка мувофиқ, сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият ҳисоблаанди.

Янгиликлар