Қорақалпоғистондаги воқеаларда вафот этганлар қурбон эмас, жиноятчи – «Миллий тикланиш»

Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларда вафот этган оммавий тартибсизлик иштирокчилари қурбон эмас, жиноятчи. Бу ҳақда «Миллий тикланиш» демократик партияси депутатлари ва фаолларининг Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича эълон қилган муносабатида айтилади. Расмий муносабатни партия раиси Алишер Қодиров ўз Telegram-каналига жойлаштирди.

«Ҳокимиятнинг ягона манбаи халқдир. Барча қарорлар халқ билан маслаҳатлашилмоқда, минглаб ташаббус ва таклифларга муносабат билдирилмоқда.

Давлат бошқарувининг қарорларига муносабат билдиришнинг осон ва самарали тизимлари яратилган бўлса-да, қонунларга зид, ҳамма учун зарарли ва ҳаёт учун хавфли бўлган йўлни танлаганлар қурбон эмас, жиноятчидир.

Фикр айтиш, масъулларга етказиш, муҳокама ва мунозара қилиш, лоқайд ва масъулиятсиз хизматчиларни танқид қилиш, шикоят қилиш ёки судга бериш ҳуқуқимиз ва ҳаққимиз!

Лекин, биздан бошқа миллионларнинг ҳам турмуш маскани, хотиржамлиги манбаи бўлган жамоат тартиби, тинчлиги ва барқарорлигини бузмаслик ва бузғунчиларни қўлламаслик мажбуриятимиз ҳамдир!», дейилади муносабат аввалида.

Муносабатда Ўзбекистон тинчини бузмоқчи бўлганлар навбатдаги марта мақсадларига етолмагани, бундан кейин ҳам этолмаслиги урғуланади.

«Бу манфур бузғунчиларни топиш ва жазолаш учун Ҳукуматимизда ваколат, имконият ва тажриба етарли эканига заррача шубҳамиз йўқ.

Ким ва сабаби нима бўлишидан қатъи назар Қорақалпоғистондаги тартибсизликларни режалаган, ташкил қилган ва иштирок этганларнинг ҳаммаси қонунда белгиланган кескин жазоларини олишлари керак!

Қарашларимиз турлича бўлиши мумкин, лекин Ўзбекистонда барқарорлик ва халқимиз тинчлигини асраб-авайлаш йўлида бир бутун халқ бўлишимиз барчамиз учун ҳаёт-мамот масаласи эканлигини унутмайлик.

Ватан учун  жонини фидо қилган шаҳидларимиз абадий хотирамизда сақланади», дейилади.

Янгиликлар