Тошкентда коронавирусни даволашдаги муаммоларни бартараф этиш учун интерфаол хизмат ишга туширилди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги COVID-19’ни даволаш доирасида вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида «sogboling.uz» интерфаол хизматини ишга туширди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, коронавирус бўйича тиббий хизматдан фойдаланган ва айни пайтда фойдаланаётган Тошкент аҳолисидан даволаш сифати, дори-дармонлар таъминоти, овқатланиш ва даволашнинг бошқа жиҳатлари бўйича фикр билдириши сўралади.

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдиргани хабар қилинганди. Президентнинг қайд этишича, бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1-августдан 15-августгача карантин чекловлари узайтирилди. Фуқароларга тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказмаслик, жамоат жойларида, кўча, майдон ва маҳаллаларда уч кишидан ортиқ тўпланмаслик тавсия этилди.

Кейинроқ Aзиз Aбдуҳакимов карантин қандай шароитда бекор қилинишини айтди.