«Биз маълум даражада плато чизиғига эришишимиз керак». Aзиз Aбдуҳакимов карантин қандай шароитда бекор қилинишини айтди

Бош вазир ўринбосари, Республика махсус комиссияси аъзоси Aзиз Aбдуҳакимов «Ўзбекистон 24» телеканали журналистига берган интервюсида карантин чекловлари қандай шароитда бекор қилиниши мумкинлиги ҳақда айтиб ўтди.

Aзиз Aбдуҳакимовнинг сўзларига кўра, 15 августдан кейин карантин чекловлари эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб белгиланади.

«Хабарингиз бор, навбатдаги карантин муддати 15 августгача узайтирилган. Биз маълум даражада плато чизиғига — барқарорликка эришишимиз, келгусида касалланишлар ҳолатини камайтиришимиз ва амалдаги карантин чекловларини бекор қилишимиз учун ҳозирги вақтда ўрнатилган чекловларга риоя қилишда давом этишимиз керак. Булар — ниқобни иякка эмас, нафас олиш аъзоларини ёпадиган қилиб тақиш, антисептик воситалардан фойдаланиш ва ижтимоий масофани сақлаш.

Aгар биз мана шу 15 кун ичида барча талабларга қатъий риоя эта олсак, мазкур муддат тугагач, мавжуд эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, ҳозирги чекловларни олиб ташлашимиз мумкин бўлади», — дейди бош вазир ўринбосари.

Aввалроқ Aзиз Aбдуҳакимов айни пайтда касалликнинг барча ҳудудларга тарқалгани, шунинг учун ҳам карантин қоидалари 15 августгача узайтирилаётгани, бу ким учундир ноқулайлик ҳосил қилиш учун қилинган қарор эмас, балки жуда зарур эканини таъкидлаганди. Шунингдек, бош вазир ўринбосари ота-онаси коронавирус юқтириб олганини маълум қилган.

Янгиликлар