Миллий гвардия 2 ярим ёшли болани уриб ўлдирган ходимининг 19 йилга қамалгани бўйича расмий муносабат билдирди

Миллий гвардия ўз ходимининг икки ярим яшар болани уриб ўлдирганлиги ва 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилингани бўйича расмий муносабат билдирди.

Баёнотда таъкидланишича, 2020 йилнинг 1 февраль кунида ушбу жиноятни содир этган собиқ қўриқлаш хизмати сафдор ходими Б.Ахмедов 2012 йил март ойидан Қуролли кучлар сафида хизмат қилиб келган ва 2019 йилда қўриқлаш хизмати Миллий гвардия тасарруфига ўтказилиши муносабати билан у ўз хизматини шу тизимда давом эттирган.

«Собиқ қўриқлаш ходимининг оила-турмуш доирасидаги жиноятга қўл урганлигини асло оқлаб бўлмайди, май ойининг 27 куни (бундан икки ярим ой олдин) унга нисбатан Тошкент шаҳар Жиноят ишлари суди томонидан қилмишига яраша адолатли ҳукм тайинланганлиги ҳам қонун устуворлигидан далолатдир.

Тизим томонидан шахсий таркиб ўртасида салбий иллатларга мойиллиги бор ҳарбий хизматчи ва ходимларни барвақт аниқлаш, тизимда соғлом муҳитни яратиш ва кадрлар салоҳиятини юксалтиришга қаратилган мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», — дейилади баёнотда.

Аввалроқ 2 ёшли болани уриб ўлдирган Миллий гвардия ходими 19 йилга озодликдан маҳрум қилингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар