Ўзбекистонда тўйларни 30 кишилик тартибда ўтказишни доимий сақлаб қолиш таклиф қилинди

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида тўй маросимларининг 30 кишилик тартибда ўтказилишини доимий сақлаб қолиш ҳақида петиция жойлаштирилди.

«Ижтимоий тармоқларда ‘яшил’ ҳудудларда 30 кишилик тўйларни ўтказишга рухсат берилганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Кўпчилик тўйлардаги бундай чегара карантиндан кейин ҳам сақланиб қолишини хоҳламоқда», — дейилади мурожаатда.

Мурожаатда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарорида белгиланган тўйларга 200 кишидан ортиқ меҳмон чақирмаслик ҳақидаги қоидани «30 кишилик» деб ўзгартириш таклиф қилинган.

«Тўй тараддудида юрганларнинг кўпчилиги шу кунларда тезроқ тўйини ўтказишга шошилаётгани сир эмас. Ёшлар ҳам бунга қаршилик қилаётгани йўқ. Тўйларни ихчам, дабдабабозлик ва исрофгарчиликларсиз ўтказишни ҳамма хоҳлайди.

Аммо бирор қонун ёки қарор билан тасдиқланмаса, 200 кишига тўй қилинаверади. 200 кишилик тўйларга кетадиган сарф-харажат 500—600 кишилик тўйларникига тенг бўлиб қолади. Тўй қиламан деб қарзга ботиб, эртаси куни куёв бола ёки унинг отасининг хорижга кетаётганлиги ҳолатлари ҳам кам эмас. Ҳатто, бунинг ортидан жиддий касалликлар орттириб олинаётган ҳолатлар ҳам мавжуд. Абдулла Авлонийнинг юз йил олдин ёзиб қолдирган ‘Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг’ деган сўзлари бугунги кунимиз учун ҳам айни ҳақиқатдир.

Тўй қилиш, буни кўпчиликка маълум қилиш яхши, лекин бу оиланинг келажагига ёмон таъсир ўтказади. Шу тўйга аталган пулларга ёшларни уй-жой билан таъминлашга, оиласининг молиявий аҳволини яхшилашга, таълим олишига шароит яратиб берсак, қанчалик бахтиёр оилани тузган бўламиз. Қанчадан-қанча оилалар иқтисодий аҳволи туфайли ҳозир тўй қила олмаяпти. Менимча, 30 кишилик тўйни доимий қилиш вақти келди», — дейилади петицияда.

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдиргани хабар қилинганди. Президентнинг қайд этишича, бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1-августдан 15-августгача карантин чекловлари узайтирилди. Фуқароларга тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказмаслик, жамоат жойларида, кўча, майдон ва маҳаллаларда уч кишидан ортиқ тўпланмаслик тавсия этилди.

Янгиликлар