Ўзбекистонда транспорт ва логистика тармоғини ривожлантириш учун 27 млрд доллар талаб этилиши маълум қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев 5 август куни энергетика, транспорт, коммунал хўжалик ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда транспорт ва логистика тармоғида амалга оширилаётган ишлар умуман қониқарли эмаслиги қайд этилган. Соҳани ривожлантиришнинг кейинги даврида 27 миллиард доллар талаб этилиши маълум қилинган.

Таъкидланишича, айни пайтда Қамчиқ довони орқали Тошкентдан Aндижонга бориш учун тирбандликлар сабабли 5-6 соат вақт сарфланади, 22 минг автомобил ўтади. Бу кўрсаткич келгуси 5 йилда 40 мингга етади. «Тошкент—Aндижон» пулли автомобиль йўли ишга тушган тақдирда масофани босиб ўтиш 3 соатгача қисқаради, транспорт ҳаракати эса 70 фоизгача ошади.

Шу сабабли давлат раҳбари Қамчиқ довонида янги туннел қуриш бўйича тендер-лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тендер эълон қилиш муҳимлигини кўрсатиб ўтди.

Aввалроқ Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб айрим транспорт воситаларини олиб кириш учун акциз солиғи бекор қилиниши ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар