Самарқанд давлат тиббиёт институти Европа Иттифоқининг ERASMUS дастурида ғолиб бўлди

Европа Иттифоқининг ERASMUS+ дастури доирасида эълон қилинган 2020 йил танловида Самарқанд давлат тиббиёт институти ғолиб бўлди. Бу ҳақида Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати хабар берди.

Танлов натижаларига кўра, Самарқанд давлат тиббиёт институти иштирок этган 2 лойиҳа молиялаштиришга қабул қилинди. Биринчи лойиҳа номи «XXI аср шифокорларининг ривожланишида кўмаклашиш: бемор билан мулоқотга йўналтирилган таълим» бўлиб, унга Грециядан, иккинчиси «Меҳнат гигиенаси ва атроф-муҳит соҳасида магистратура дастурларини мувофиқлаштириш ва ўзаро тан олиш» лойиҳаси бўлиб, унга Италия давлатидан пул ажратилади.

Ҳар иккала лойиҳага 915 минг евродан берилади.

Маълумот ўрнида: ERASMUS+ бу таълим соҳасидаги тадбирлар ва спортга бағишланган лойиҳалар ҳамда шерикликни ривожлантиришга йўналтирилган Европа Иттифоқи дастуридир. 2014 йилдан буён Европа мамлакатлари ҳамда дунёдаги шерик давлатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш учун маблағ ажратади.

Аввалроқ Ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро кимё олимпиадасида кумуш ва бронза медалларни қўлга киритганди.