Самарқанд халқаро аэропорти реконструкция ишларига 62 млн доллар ажратилгани маълум қилинди (видео)

Самарқанд халқаро аэропортида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ «очиқ осмон» режими йўлга қўйилади. Инвестиция лойиҳалари ижросига кўра, Самарқанд халқаро аэропорти негизида соатига 600 дан 1200 нафаргача йўловчига хизмат кўрсата оладиган янги аэровокзал мажмуаси қурилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг янгиликлар дастурида маълум қилинди.

Таъкидланишича, аэропортда 22 та самолёт учун янги учиш-қўниш йўлаги барпо этилмоқда. Ушбу лойиҳанинг қиймати 62 миллион долларга тенг бўлиб, аэропорт барча турдаги самолётларни ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилади. Aэропортнинг ташқи кўриниши ҳам ўзига хос ва ноодатий бўлиши мўлжалланган. Унинг кўриниши китоб шаклида бўлиб, устки қисмида юлдузларнинг жойлашуви акс этади.

«Ҳозирда барча карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда объектимизда 245 нафар ходим ишлаяпти. График бўйича ҳамма ишлар бажариляпти, айни пайтга келиб, пойдеворни 100 фоиз тикладик.

Aэропорт йилига 1,4 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Мажмуа соатига 600 кишига хизмат кўрсат олади. Бу эса Самарқандда туризмнинг ривожланишига сезиларли ҳисса қўшади»

Баҳром Усмонов, Самарқанд халқаро аеропорти терминал қурилиш лойиҳаси директори

2021 йилда фойдаланишга топшириладиган мазкур иншоотда сифатли хизмат кўрсатиш учун йўловчиларни қабул қилиш, жўнатиш заллари ҳамда вип ва чип заллари фаолият юритади. Шунингдек, йўловчиларни кутиб олувчи ва кузатувчилар учун ҳам барча шароитларга эга кутиш заллари ва 730 та автомашина учун тўхташ жойлари барпо қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 1 августидан Aндижон, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ «очиқ осмон» режими жорий қилинган. Ушбу аэропортларда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига аъзо давлатларнинг авиакомпанияларига уларнинг техник имкониятларини инобатга олган ҳолда парвозлар сони чекловларисиз Ўзбекистон Республикаси ташувчилари фойдаланмаган йўналишларда «бешинчи ҳаво эркинлиги» ва йўловчи парвозларини амалга ошириш ҳуқуқи билан амалга оширилади.

Янгиликлар