Шавкат Мирзиёев Давлат-хусусий шериклик агентлиги фаолиятини танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 5 август куни энергетика, транспорт, коммунал хўжалик ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, бюджетга юкни камайтириш ва йирик лойиҳаларга хусусий секторни жалб этиш мақсадида 2018 йили Давлат-хусусий шериклик агентлиги ташкил этилган бўлиб, бу борада алоҳида қонун ва 10 дан ортиқ қарорлар қабул қилинган.

«Шунга қарамасдан, ҳозирги кунга қадар энергетика, тиббиёт, коммунал хўжалик соҳаларида ҳаммаси бўлиб бор-йўғи 9 та йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари имзоланган. Бу кўрсаткич жуда ҳам паст», — деди давлат раҳбари.

Йиғилишда электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларга сотишда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш топшириғи берилган. Фақат шу орқали ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар ўртасида рақобатни таъминлаб, таннарх ва йўқотишларни камайтириш мумкинлиги таъкидланган.

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат ва дори-дармонларни манзилли етказиб бериш тизими «соат»дай аниқ ишлаши кераклигини айтгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар