Шуҳрат Ғаниев Олтиариқдаги собиқ меҳнат муҳожирларига бўлиб берилган 150 гектар экин майдонини бориб кўрди

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Олтиариқ туманидаги экин майдонларида олиб борилаётган ишлар ва иссиқхоналар фаолияти билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Олтиариқ туманидаги қишлоқ хўжалигига яроқсиз, қир, адир ва дашт ерлардан 150 гектар ажратилиб, илгари Россияда ишлаган собиқ меҳнат муҳожирларига бўлиб берилган. Биринчи босқичда 200 нафар ёшлар 20—30 сотихдан ер олиб, енгил услубдаги иссиқхона қурган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Биринчи ҳосил мўл бўлди. Ҳар биримиз бир сотихдан 2 миллион сўмлик, жами 40—60 миллион сўмликдан помидор сотдик. Буниси эса иккинчи ҳосил», — дейди Мавсум Умаров.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, вилоят ҳокими тоғ этакларига туташ адирларда барпо қилинган янги узумзорларни бориб кўрган. Олтиариқнинг анъанавий услубида сўритоклар қилинган, кўчатлар орасига эса дуккакли экинлар экилган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Шундан сўнг вилоят ҳокими Ғофур Содиқовнинг экин майдонига ўрнатилган сув насосини ишга туширди.

Aввалроқ Шуҳрат Ғаниев Ёзёвондаги ғалладан бўшаган ерларга кўчат экилмагани учун туман ҳокимига огоҳлантириш бергани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар