Туркияда курортлар очилгандан сўнг мамлакатда кунлик коронавирус беморлари сони мингдан ошди

Туркияда охирги пайтларда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари кескин кўпайди. Бу ҳақда Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Фахреттин Коджа Twitter’да ёзиб қолдирди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборотига кўра, узоқ вақт давомида мамлакатда биринчи марта вирус юқтирганлар сони жиддий равишда кўпайган. Хусусан, 4 август ҳолати бўйича 1083 та янги ҳолат аниқланган. Шу пайтга қадар умумий касалланганлар сони эса 234 934 нафарни ташкил этган.

Маълумотларга кўра, 1 августда Россия, Буюк Британия ва Танзания билан биргаликда Туркияга ҳам парвозларни тиклаган. Ҳозирги пайтда рейслар фақат Aнқара ва Истанбул учун амалга оширилаётган бўлса, 10 августдан кейин Туркиянинг асосий курортлари (Aнталия, Бодрум ва Даламан)га ҳам йўналиш очилади. Россиянинг Aнқарадаги элчихонасининг хабарига кўра, Россиядан келган сайёҳлар Туркияга келганларида коронавирус йўқлиги тўғрисида гувоҳнома тақдим этишлари шарт эмас. Аэропортда паспорт назоратидан ўтишдан олдин барча ташриф буюрувчилар ҳарорати ўлчанади ва COVID-19 аломатлари текширилади, дейилади хабарда.

Туроператорлар уюшмаси вице-президенти Дмитрий Гориннинг «РБК»га берган интервюсида россиялик сайёҳларнинг Туркияга уюштирган саёҳатлари ҳали бошланмаганини айтган.

«Aйни пайтда курортларга саёҳатлар бошланмаган. Дастур 10 августдан бошланади ва Бодрум, Даламан, Aнталияни ўз ичига олади.

Дастлабки маълумотларга кўра, касаллик Туркиянинг шарқида — курорт ҳудудларида эмас, Истанбулда кўпайган», — дейди Дмитрий Горин.

Таъкидланишича, 3 август куни республикада 993 та янги ҳолат, 2 августда 986 та ҳолат қайд этилган бўлса, 1 августда эса 997 та янги касалланиш ҳолатлари аниқланган. Коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатларнинг умумий сони бўйича Туркия дунёда 17 ўринда турибди. Ўлганлар сони бўйича Туркия рейтингнинг 21 поғонасида. Нисбий жиҳатдан 1 миллион аҳолига тўғри келадиган COVID-19 натижасида ўлганлар сони бўйича Туркия 57 ўринни эгаллайди.

Туркия Меҳмонхона эгалари федерацияси раҳбари Сурури Чорабатир пандемия сабабли чекловларга қарамай, турк меҳмонхоналаридаги таътил нархлари ўтган йил даражасида қолишини ваъда қилган.

«Ҳозирги нархлар 2019 йилда имзоланган туроператорлар билан тузилган шартномаларда кўрсатилган ва улар ишлашни давом эттирмоқдалар. Коронавирус тарқалишига қарши чора-тадбирлар туфайли меҳмонхоналардаги харажатлар ошган бўлса ҳам, нархлар кўтарилмайди. Баъзи меҳмонхоналар ҳатто мижозларни жалб қилиш учун нархларни пасайтирмоқда», — дейди Чорабатир.

Аввалроқ дунё бўйича коронавирус қурбонлари сони 705 мингдан ошгани ҳакида хабар қилинганди. Шунингдек, Қозоғистонда ўтган бир суткада 1062 киши, Қирғизистонда эса 209 киши коронавирусга чалингани маълум қилинганди.

Янгиликлар