Бухоро давлат солиқ бошқармаси раҳбари хуфиёна иқтисодиётга қарши биргаликда курашиш бўйича журналист ва блогерлар билан учрашув ўтказди

Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармасида 4 сентябрь, жума куни «Харид чекини олишни одат эмас, маданиятга айлантирайлик» мавзусида маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, мустақил журналистлар ва блогерлар билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Учрашувда тадбиркорлар банкка топширган нақд пулини бир неча кунлаб қайтариб ололмагани, олиб борилаётган ислоҳотлар самараси туфайли эса уларнинг ушбу муаммолари тўлиқ ҳал этилгани, бироқ яратилаётган имкониятларга қарамасдан баъзи тадбиркорлар ҳамон нақд пул тушумларини банк кассасига эмас, чўнтакка уришга ҳаракат қилаётганлиги, бунга эса истеъмолчиларнинг харид чекини талаб қилмасликлари ҳам сабаб бўлаётганлиги алоҳида таъкидланган.

«Шу боис, тадбирда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, мустақил журналистлар ва блогерларни ҳудудда хуфиёна иқтисодиётга биргаликда курашишга чақирди. Учрашувда кўпчилик учун арзимас матоҳдек кўринган харид чекининг катта имкониятлари мисоллар билан тушунтириб берилди», дейилади хабарда.

Фото: Бухоро вилояти Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Фото: Бухоро вилояти Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Шунингдек, тадбирда йиғилганларга хўжалик юритувчи субъектларнинг назорат-касса машинасини қўллаш тартиби мажбурийлиги ҳамда фискал хотирали НКМ (назорат-касса машинасини)дан ташқари, онлайн назорат-касса машиналари ҳам кенг қўлланилаётгани ва унинг афзалликларига ҳам тўхталиб ўтилган.

«Масалан, Бухоро шаҳар Баҳоуддин Нақшбанд кўчасида жойлашган дори-дармон воситалари савдоси билан шуғулланувчи бир корхона йил бошидан 500 миллион сўмга яқин товарлар сотиб олган бўлиб, банк муассасасига топширилаётган нақд пул тушуми жуда кам. Мазкур корхона томонидан йил бошидан топширилган нақд пул тушуми 884 миллион сўмни ташкил қилади. Бу ўртача бир кунлик тушум 3,9 миллион сўм деганидир. Ваҳоланки, ушбу тадбиркорлик субъектининг бир кунлик реал тушуми анча кўпроқ.

Фото: Бухоро вилояти Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Фото: Бухоро вилояти Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Шунга ўхшаш, Бухоро шаҳар Муҳаммад Иқбол кўчасида озиқ-овқат махсулотлар савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъекти ҳам йил бошидан 200 миллион сўмга яқин товарлар сотиб олган бўлиб, банк муассасасига топширилаётган нақд пул тушуми жуда кам. Мазкур корхона томонидан йил бошидан топширилган нақд пул тушуми 495 миллион сўмни ташкил қилади. Бу ўртача бир кунлик тушум 2,2 миллион сўмга тенг дегани. Ҳолбуки, ушбу субъектнинг бир кунлик реал тушуми анча кўпроқ. Кўриниб турибдики, ҳар икки ҳолатда ҳам солиқ тўловларидан қочишга уриниш кўзга ташланмоқда. Ачинарлиси, харидорлар томонидан харид чеки талаб қилинганда бундай кўз бўямачилик бўлмасди», — дейилади Бухоро вилояти Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Тадбир якунида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, мустақил журналистлар ва блогерлар орқали ҳудуддаги нақд пул тушумига эга барча тадбиркорларга қарата ўзининг мурожаатини йўллаган.

Аввалроқ Самарқанд вилояти Солиқ бошқармасининг «Ишонч телефони»га 7 ой мобайнида қанча мурожаат келиб тушгани маълум қилинганди.