«Кунига 5600 сўм ишлаб топган одам камбағал эмас»ми? Обид Ҳакимовнинг гапи ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди

«Kun.uz» нашрининг Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов билан камбағалликка қарши кураш ишлари масаласида қилган интервьюси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. «Ўзбекистон учун 1 АҚШ долларининг PPP қиймати 1784 сўм этиб белгиланганди. 2020 йилда бажарилган ҳисоб-китобга кўра, киши бошига 3,2 АҚШ доллари, яъни 5600 сўм тўғри келиб, Ўзбекистонда шунча маблағ ишлаб топган одам камбағал эмас», деган эди мутахассис саволларга жавоб бера туриб.

Фото: «Review.uz»

Интервьюнинг айнан шу қисми, яъни «Ўзбекистонда шунча маблағ ишлаб топган одам камбағал эмас»лиги ҳақидаги сўзлар интернетнинг ўзбек сегментида баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Умуман, бугун ўзбекистонлик ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари мансабдор ёки масъул шахслар билан ўтказилган интервьюлар ёки улар томонидан берилган баёнотлардаги у ёки бу фикрни алоҳида ажратиб олиб, муҳокама қилишда фаоллик кўрсатишмоқда. Бу гал ҳам муносабатлар турлича. Кимдир билдирилаётган эътирозлар иқтисодни тушунмайдиган қатламнинг «хархашаси»дан бошқа нарса эмас деб ҳисобласа, бошқа ким эса ушбу фикрлар аҳолини очиқчасига камситиш эканлигини таъкидламоқда. Келинг, сиз билан билдирилган фикрлардан айримларини бирма-бир кўриб чиқамиз.

«Қовунми ёки тарвуз?

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов ‘Kun.uz’ нашрига берган интервьюсида шундай дебди: Ўзбекистонда камбағаллик кўрсаткичи 9—10 фоиз атрофида этиб белгиланган.

Бу фоизлар қаердан келиб чиқди? Одамларнинг кунлик минимал харажатлари бор. Ўрта паст даромадли мамлакатлар учун ушбу мезон 3,2 АҚШ долларини ташкил этади. Бунда 3,2 доллар айнан эмас, шу қийматда турли давлатларда тўлов қобилияти маҳаллий валютадаги рақамга ўзгартирилади. Яъни харид қилиш қобилияти паритетининг конвертация коэффициенти (PPP conversion factor) ҳар йили Жаҳон банки томонидан эълон қилинади. Масалан, 2018 йил Ўзбекистон учун 1 АҚШ долларининг PPP қиймати 1784 сўм этиб белгиланганди. 2020 йилда бажарилган ҳисоб-китобга кўра, киши бошига 3,2 АҚШ доллари, яъни 5600 сўм тўғри келиб, Ўзбекистонда шунча маблағ ишлаб топган одам камбағал эмас. Шу ўлчам асосида Ўзбекистонда камбағаллик кўрсаткичи 9—10 фоиз атрофида этиб белгиланган.

«Агар инсон кунига 5600 сўм топса, у камбағал эмас». Умуман олганда, бизнинг одамлар анча бой экан. Статистика зўр нарса-да, уни ҳар хил ўйнаб қўйса бўлади. Масалан, Ўзбекистонга кириб келган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмини ҳисоблашда долларни биржа курсида ҳисоблаймиз, яъни Марказий банк курсидан юқорироқ, камбағалликни ҳисоблашда бир АҚШ доллари 1784 сўм деб белгилаб оламиз, қарабсизки, сих ҳам куймайди, кабоб ҳам. Хоҳласак, қовун деймиз, хоҳласак, тарвуз деб ҳисоблаймиз, яна ҳам хоҳласак, шолғом бўлади. Зўр иқтисодчиларимиз бор-да. Мусаффо осмонимиздан ўргилай», деб ёзади Теlegram’даги @tentakminds канали.

Бу масалада @the_bakiroo Теlegram-канали қуйидагича фикр билдирди:

Президент маслаҳатчиси ўринбосари Обид Ҳакимовнинг интервьюсидан узиб олинган мана бу сўзлар бусиз ҳам амалдорларга саволлари етарлича бўлган фойдаланувчиларда кўплаб эътироз ва луқмаларга сабаб бўлмоқда: «Масалан, 2018 йил Ўзбекистон учун 1 АҚШ долларининг PPP қиймати 1784 сўм этиб белгиланганди. 2020 йилда бажарилган ҳисоб-китобга кўра, киши бошига 3,2 АҚШ доллари, яъни 5600 сўм тўғри келиб, Ўзбекистонда шунча маблағ ишлаб топган одам камбағал эмас».

Келинг, эҳтиросларни бир четга суриб аниқлаштирувчи саволлар берайлик. Биринчиси, нега 2020 йил учун 2018 йилдаги паритет конвертация коэффициенти қўлланилмоқда? Бу камбағаллик чегарасини белгилашда жиддий хатоликни яратишини мутахассислар билмаслиги мумкин эмас. Биз 2020 йилни тугатяпмиз, 2018 йилда яшамаяпмиз.

Иккинчидан, камбағаллик чегарасини белгиловчи ўша 3,2 долларни айнан паритет конвертация коэффициенти асосида ҳисоблаш бўйича методология борми ўзи? Уни Жаҳон банки тавсия этганми?

Ўзи камбағаллик чегарасини белгилашда бошқачароқ йўлдан ҳам юрса бўларди, яшаш минимумидан паст даромад олган борки камбағал ҳисобланса бўлмайдими?

Конституциямизнинг 39-моддасида пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас, деб ёзиб қўйилган. Гарчи ўтган 28 йил давомида Конституциянинг бошқа моддалари каби бу модда ҳам ишламаган бўлса-да, 2020 йилда истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимуми эълон қилиниши ваъда қилинган. Ўшанда ҳурматли Жамшид Қўчқоров очиқча ва тан олиб (очиқлик ва тан олиш марднинг иши) айтган қуйидаги гапларни эсланг: «Яшаш даражаси минимумини эълон қилиш, тўғриси, маълум бир юридик муаммоларни келтириб чиқаради. Буни очиқ айтишимиз керак. Яшаш минимумини ҳисоблаб чиқдик ҳам дейлик. 2018 йилда ҳисоблаганда 700 минг сўм атрофида эди.

Фараз қилайлик, ҳозир 800 ёки 900 минг сўм деб олсак, Конституциямизда пенсия ва ижтимоий нафақалар яшаш минимумидан кам бўлиши мумкин эмас деб ёзиб қўйилган. Агар ҳозир шу рақамни эълон қиладиган бўлсак, пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорини оширишимизга тўғри келади. Бироқ айни пайтда биз буни ошириш имкониятига эга эмасмиз, бюджетимиз кўтара олмайди.

Коронакризис кўп режаларни ўзгартириб, бузиб юборди. Балки истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимумини белгилаш масаласи ҳам кейинга қолар.

Лекин бу  муаммоларга тўлиб турган, кун тартиби ва яшаш ташвишлари амалдорларникидан каррасига фарқланадиган оддий одамларга ортиқча дардли ва нафсониятига тегадиган савол қўшиб бериш керак дегани эмас. Айниқса ўзи камбағалликда бўлган одамлар ҳам уяладиган рақамлар билан.

Машҳур «Тroll.uz» саҳифасининг телеграм канали ҳам масалага фикр билдирмай қолмади. «Баъзилар бу PPP (purchasing power parity)га боғлиқ рақамлар, яъни кунига 5600 сўм бу 2018 йил Ўзбекистон учун 1 АҚШ долларининг PPP қиймати 1784 сўм этиб белгилангани сабабли бўлганини таъкидлади. Яъни бу фикр Обид Ҳакимовга тегишли эмас, у киши томонидан айтилган бўлса-да.

Майли. Хўп. Лекин реал олиб қаралса, кунига 5600 сўм топган одам қандай кун кўради? Балки PPP қиймати жуда хато ҳисоблангандир деган саволларни бериш керак эмасми? Биг-Мак индексида биз йўқ, чунки бизда McDonald’s мавжуд эмас. Бор бургерлар эса АҚШдагидан 6 баробар арзон эмас. Кўпи билан икки баробар арзондир. Одатда американча нархлар бизда» деб ёзади канал муаллифи.

Facebook ҳам бугун ўз фойдаланувчиларига ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг бир қисми бўлиш имконини берувчи майдонга айланди. Табиийки, майдон қанчалик кенг бўлса, фикрлар шу қадар хилма-хил бўлади. Қуйида Facebook фойдаланувчилари ушбу мавзуни ўз ўйлашларича, ранг-баранг тарзда талқин қилганларини кўриш мумкин.

Аксарият фойдаланувчилар мутахассис фикрини ўткир кулги қилишди.

Вазиятдан ўзига хос реклама сифатида фойдаланиб қолган ишбилармонлар ҳам йўқ эмас.

Хабарингиз бор, Халқ демократик партияси раҳбари Улуғбек Иноятовнинг Тошкент шаҳрида беш болали оила учун 1 ойга 2,5 миллион сўм етарли дея билдирган фикрлари бир неча ой олдин қизғин мунозара ва муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Қуйидаги изоҳда муаллиф шу воқеага ишора қилади.

Ҳақиқатан ҳам, ўзбек интернетида ушбу мавзу ва у билан параллель равишда АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайлови кун мавзусига айланди.

Иқтисодчининг фикрини нотўғри талқин қилишди дея ҳисобловчилар ҳам талайгина.

Тwitter’да ҳам, ҳозир гувоҳи бўладиганингиздек, мунозаралар ва муҳокамалар авжида.

Хулоса қиладиган бўлсак, илгари сиёсатчиларнинг фикрларини бу қадар кенг таҳлил, ўрни келганда танқид қилиш кузатилмас ёки кам учрар эди. Бугунги кун ўзбек жамоатчилиги эса бу борада ўта илғор.

Янгиликлар