Олтиариқда қиймати 835 миллион сўм бўлган суюлтирилган газ қуйиш тизими ишга туширилди

Фарғона вилоятти Олтиариқ туманида Марказий Осиёда ягона бўлган суюлтирилган газ қуйиш тизими ишга туширилди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиали матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиали матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Марказий Осиё давлатлари ичида биринчилардан бўлиб Фарғона вилояти Олтиариқ туманида аҳолини узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида замонавий тизим ишга туширилган. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 835 миллион сўмни ташкил этган.

Қайд этилишича, ушбу тизимнинг асосий ускунаси Туркия компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, тўлиқ автоматлаштирилган ҳамда инсон омили деярли иштирок этмайди. Ускуна сўнги русумдаги компрессор энергия тежамкор ҳисобланади.

Хабарга кўра, етказиб берувчилардан қабул қилиб олинган газ тарозида тортилади ва махсус резервуарларга қуйилади. Янги технологиянинг асосий афзаллиги баллонларга газ тўлдириш жараёнида ортиқча исрофгарчиликка йўл қўйилмайди. Шунингдек, мазкур технологияни келгусида вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш кўзда тутилган.

Бундан аввал Фарғонада газ истеъмолчиларига куз-қиш мавсумида салкам 40 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши ва Ўзбекистон туманида салкам 34 минг хонадон суюлтирилган газ билан таъминлангани ҳақида хабар қилинган эди.

Кейинчалик Фарғона туманининг Шоҳимардон қишлоғига 150 тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб берилгани ҳамда Фарғона туманида истеъмолчиларга суюлтирилган газ тарқатиш режаси ўтган 9 ойда 103 фоизга бажарилгани маълум қилинган.