«Bloomberg» 2020 йил учун «Йил одамлари» рейтингини тузди

«Bloomberg» медиа агентлиги 2020 йил учун бешта — молия, сиёсат, бизнес, фан ва техника, кўнгилочар соҳалардаги 50 нафар «Йил одамлари» рейтингини тузди. Бу рўйхат агентлик сайтида эълон қилинди.

Коллаж: «Tez News»

Маълум қилинишича, рўйхатнинг сиёсат йўналишига Беларусь оппозицияси етакчиси Светлана Тихановская, Уругвай президенти Луис Лакалье Поу, «Black Lives Matter» ҳаракати асосчилари Алисию Гарза, Патрис Каллорс ва Опал Томети, Абу-Даби шаҳзодаси Муҳаммад ибн Зайд ал-Наҳаён ва бошқалар киритилган.

Светлана Тихановская
Фото: «ТАСС»

Молия йўналишига эса Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиева, «Citigroup Inc» раҳбари Жейн Фрейзер, «Morgan Stanley» бош директори Жеймс Горман ва бошқалар кирган.

Шунингдек, бизнес бўлимида агентлик «Netflix» ижрочи директори Рид Хастингс, «Think & Learn Pvt Ltd» таълим дастури раҳбари Бужу Равиндран ҳамда хитойлик стреамер Вияни йил одамлари деб топган.

Кўнгилочар (рекреатив) соҳада Оскар мукофотига сазовор бўлган режиссёр Бонг Жун Хо ва қўшиқчи Билли Айлиш, комедия актрисаси Селеста Барбер ҳамда «Universal Filmed Entertainment Group» раҳбари Донна Лангли «Bloomberg» рўйхатидан жой олган.

Билли Айлиш
Фото: Дрю Келли

Фан ва техника йўналишида олимлар орасидан Америка Қўшма Штатлари юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Энтони Фауси, коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқарувчилар, жумладан, «Сovid Tracking Project» лойиҳаси яратувчилари бор.

Бундан ташқари, агентлик «тахмин қилинадиган нуфузли кишилар» рўйхатини ҳам тузган. Унга кўра, рўйхатга Россия президенти Владимир Путин ва бошқа бир қатор дунё мамлакатлари раҳбарлари киритилган.

Аввалроқ АҚШнинг «New York Times» нашри ХХI асрнинг энг яхши актёрларини саралаб олган эди. Рўйхатга кўра, америкалик актёр ва продюсер Дензел Вашингтон биринчи ўринда этироф этилган.