Киевдаги банкни портлатиш билан таҳдид қилган ўзбекистонлик эркак психиатрия клиникасига жойлаштирилди

Украина cуди 3 август куни Киев шаҳридаги банкни портлатиш билан таҳдид қилиб, ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаросини руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирди. Бу ҳақда Москва прокуратураси матбуот котиби Надежда Максимец ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Фото: Украина ИИВ матбуот хизмати

Психиатрия экспертизасининг хулосасига кўра, 3 август куни Киев шаҳрининг «Leonardo» бизнес марказидаги банк филиалини портлатиш билан таҳдид қилган Ўзбекистон фуқароси Суҳроб Каримов ўз хатти-ҳаракатларини назорат қила олмаган. Киевнинг Печерск туман суди уни қаттиқ назорат остидаги психиатрия муассасасига жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилган.

«Суд қарорига биноан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қатъий назорат остидаги психиатрия ёрдами кўрсатадиган муассасага жойлаштиришга ўзгартирилган. Суд психиатрия экспертизасининг хулосалари илтимоснома бериш учун асос бўлиб, унда гумон қилинувчига психиатрия ёрдами кўрсатадиган муассасага ётқизиш шаклида тиббий мажбурлов чораларини қўллаш зарурлиги кўрсатилган» — деб ёзади Максимец.

Аввалроқ Украина Ички ишлар вазирлиги Киевдаги банкда бомба портлатиш билан таҳдид қилган шахснинг суратини оммага эълон қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Истанбулдаги «Reina» тунги клубида 39 нафар одамни ўққа тутиб, ўлдирган ўзбекистонликка 40 та умрбод қамоқ жазоси берилгани ҳақида хабар берилган.