Россияда теракт уюштиришни режалаштирган эркак Ўзбекистон фуқароси бўлиб чиқди (видeо)

Россиянинг Хабаровск шаҳрида 2020 йилнинг 17 июль куни теракт уюштиришни режалаштирган эркак қўлга олинган эди. «WarGonzo» Telegram каналининг хабар беришича, жангарининг Ўзбекистон фуқароси эканлиги аниқланди.

Кадр: Telegram

Таъкидланишича, 32 ёшли Ўзбекистон фуқароси Самараддин Розиқов теракт уюштиришга уринган ва Россия Федерал Хавфизлик Хизмати томонидан қўлга олинган. Хабарга кўра, Самараддин Розиқов «Ҳаят Таҳрир аш-Шом» исломий гуруҳининг жангариси бўлган.

Хабарга кўра, Сурияда жойлашган террористик ташкилот унга бир неча ойдан бери Хабаровскдаги оппозиция намойишларида қатнашаётган намойишчилар оломонига «молотов» коктейлларини ташлаш буйруғини берган. Террористик ҳужумдан сўнг у Яқин Шарқдаги уруш ҳудудига жўнаб кетишини айтган. Розиқовнинг сўзларига кўра, у таниқли дала қўмондони Абу Салоҳдан намойишчилар оломонига бомба ташлаш бўйича кўрсатма олган.

Қайд этилишича, 17 июлда эркакдан «молотов» коктейллари, қиррали қуроллар, террористик байроқ тортиб олинган. Унинг телефонида террорчилар раҳбарларига берган қасамёди ва режалаштирилган теракт ҳақида баҳс юритилган ёзишмалар топилган.

Ушланган шахсга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 30-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш) 1-қисми ва 205-моддаси (Террористик ҳаракат) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Францияда шогирдларига Муҳаммад пайғамбарнинг карикатураларини кўрсатган ўқитувчининг боши кесилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар