Ўзбекистонда баъзи вазирлик ва идоралар вазифалари бир-бирини такрорлаётгани маълум бўлди

Ўзбекистондаги давлат ташкилотларида 50 га яқин такрорланувчи функциялар аниқланган ва 29 та ташкилот самарасиз фаолият юритгани учун тугатилган. Бу ҳақда 4 декабрь куни АОКАда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги ҳузуридаги ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминов маълум қилди.

Аъзам Мадаминов
Кадр: YouTube

Хабарга кўра, йўл хўжалиги, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, ўрмон хўжалиги, туризм, табиатни муҳофаза қилиш, давлат хусусий шериклик, фармацевтика соҳаларидаги идоралар фаолияти таҳлил қилинган ва уларда 48 та такрорланувчи функциялар аниқланган.

Институт раҳбарининг таъкидлашича, 2018 йилда Адлия вазирлигида давлат бошқаруви тизимини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил этилган ва унга давлат ташкилотлари фаолиятини таҳлил қилиш вазифаси юкланган. Бу вазифа доирасида ҳозиргача 50 га яқин ташкилот фаолияти ўрганилган. Хусусан, юқорида келтирилган соҳалардаги вазирлик, идоралар фаолияти таҳлил қилинган. Натижада 48 та такрорланувчи функция аниқланган.

Шунингдек, 36 та давлат бошқаруви органи томонидан хўжалик юритувчи субъектлар функциясини қўшиб, биргаликда олиб бориш ҳолатлари аниқланган. Буларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрланиб, юқори идораларга тақдим этилган.

«Давлат бошқаруви тизимини бюрократиядан холи ва фуқароларга янада енгиллик яратиш мақсадида ишлаб чиқилган таклифлар асосида Президентнинг 2019 йил 9 декабрдаги 4546-сонли қарори қабул қилинди. Бу қарор билан фуқаролардан талаб қилинадиган 28 та турдаги ҳужжатлар бекор қилинди. 11 та функция маҳаллалардан тегишли давлат органларига ўтказилди. Фаолияти самарасиз деб топилган 29 та идора ва коллегиал органлар тугатилди», — дейди Аъзам Мадаминов.

Аввалроқ Ўзбекистонда бюджет жараёни шаффофлигига риоя қилмаган мансабдор шахслар жаримага тортилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда давлат идораларининг ошкор этилиши керак бўлган маълумотлари тури кенгайган.

Янгиликлар