Қирғизистон дунёнинг барча мамлакатларига чегараларини очди

Қирғизистон ҳукумати «Манас», «Ўш» ва «Иссиқкўл» халқаро аэропортлари орқали келаётган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мамлакатга қабул қилишни қайта бошлашга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «kabar.kg»

Айтилишича, 4 декабрдан бошлаб чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Қирғизистонга мунтазам равишда ҳаво қатнови билан келишлари мумкинлиги белгиланган. Сўнгги 72 соат ичида ўтказилган COVID-19 учун ПЗР таҳлилининг салбий натижалари мавжуд бўлса, чет элликлар мамлакатга учадиган самолёт бортига киришлари мумкинлиги таъкидланган.

Шунингдек, Қирғизистондаги санитария-карантин пунктлари ходимлари йўловчиларни ПЗР синовлари натижаларини текшириб, етиб келганида самолёт бортида термометрияни ўтказади. Агар таҳлил натижасининг амал қилиш муддати (72 соат) объектив сабабларга кўра тугаган бўлса, парвоз давомийлиги ёки парвознинг кечикиши сабабли чет элликлар келиш жойида ПЗР синовидан ўтишлари шарт ҳисобланади.

Бундан ташқари, ҳукумат Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли давлат органларининг таклифига биноан Қирғизистонга кузатувчи сифатида борадиган чет элликларга 2021 йилга режалаштирилган президентлик сайловларига халқаро кузатувчилар ва Жўқорғи Кенгес депутатларини қабул қилишни таъминлаш учун рухсат беришга қарор қилган.

Маълумот учун, илгари республикага фақат 33 мамлакат фуқароларига кириш ҳуқуқи берилган эди.

Аввалроқ Ўзбекистон Қирғизистон фуқаролари учун чегараларини ёпгани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида бўлган Қирғизистон фуқаролари мамлакатни тарк этиши, Қирғизистонда бўлган ўзбекистонликлар эса ватанга кириши мумкин бўлган.

Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистонга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга мурожаат қилган.

Янгиликлар