Ўзбекистонда қарғиш учун жавобгарлик белгиланаётгани ҳақида тарқалган хабарлар рад этилди

Адлия вазирлиги Ўзбекистонда қарғиш учун жавобгарлик белгиланаётгани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди.

Ижтимоий тармоқларда «қарғиш учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда» мазмунидаги хабарлар тарқатилиб, гўёки Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га тегишли ҳавола ҳам келтириб ўтилган.

Адлия вазири матбуот котиби Севара Ўринбоева мазкур хабар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, ушбу мазмундаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилмаганини билдирди.

Унинг қайд этишича, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га жойлаштирилган лойиҳаларга тизим томонидан автоматик равишда тегишли идентификация (ID) рақами берилади ва ушбу ID рақам ҳаволада акс этади.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг «Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси»ни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори лойиҳасига тизим томонидан 83183 ID рақами берилган ва бу тегишли ҳаволада ҳам акс этган.

«Ижтимоий тармоқ каналлари юритувчиларидан ёлғон ва нохолис, текширилмаган ахборотларни жамоатчиликка тарқатиш орқали фуқароларимизда турли хил тушунмовчиликларни келтириб чиқаришга йўл қўймасликларини сўраб қоламиз», — дейилади раддияда.