Намангандаги рейдда тергов ва суд органидан яширинган 35 киши ушланди

Наманган вилояти ҳудудида тезкор-профилактик тадбирларнинг «долзарб 40 кунлиги» доирасида бир қатор ҳуқуқбузарликлар олди олинди.

Қайд этилишича, вилоятда жиноятчиликка чек қўйиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, фуқаролар хавфсизлиги ва ҳудуд осойишталигини таъминлаш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида Ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 20 та ҳолатда кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддалари, 7 та ҳолатда 4615 дона психотроп дори воситаларини сақлаш ва ўтказиш ҳолатлари, 13 дона ноқонуний қурол ҳамда 190 дона ўқ-дориларни сақлаш ҳолатлари, 61 000 донадан ошиқ турли хил пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритилиши ҳолатларига чек қўйилган.

Шунингдек, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 35 нафар шахслар ушланган. Бундан ташқари, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида махсус тезкор тадбирлар ўтказилиб, жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланмоқда.

Вилоятимиз ҳудудида ўтказилаётган тезкор-профилактик тадбирлар давомида хавфсизлик қоидаларига риоя этишингизни ва хавотирга берилмаслигингизни сўраймиз — дейилади хабарда.