Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ишдан олингани тўғрисидаги хабарга муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда 6 январь куни уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев лавозимидан озод қилингани тўғрисида хабарлар тарқалди. Бунга сабаб сифатида унинг зиммасига юклатилган вазифаларга совуққонлик билан ёндашгани, масъулиятсизликка йўл қўйгани кўрсатилган.

Фото: «Kun.uz»

«Kun.uz»нинг вазирлик матбуот хизматига таяниб хабар беришича, вазирнинг ишдан олингани тўғрисида расмий буйруқ келиб тушмаган.

«Вазир айни пайтда Самарқандда хизмат сафарида юрибди. Бизга ҳозирча унинг лавозимидан озод қилингани ҳақида расмий буйруқ ёки хабар келиб тушмади. Бундай хабарлар қайси манбалар орқали тарқалаётганидан ҳам бехабармиз», дейилади вазирлик изоҳида.

Солиев Музаффар Холдорбоевич 2017 йил 5 июль куни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимига тайинланганди.

Музаффар Солиев бунга қадар мудофаа вазирининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизматлар вазирлиги 2017 йилнинг апрель ойида Президент фармонига кўра ташкил қилинган бўлиб, унинг биринчи вазири Эркин Искандаров бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Шавкат Шокиржонович Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими, вилоятнинг аввалги ҳокими Хайрулло Бозоров эса Фарғона вилоятига ҳоким этиб тайинлангани хабар қилинганди.

Янгиликлар