Зилзила: Халқаро ҳамжамият Туркия ва Сурияга ёрдам беради

Халқаро ҳамжамият Туркия ва Сурияга ҳар икки давлатда юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган кучли зилзиладан кейин ёрдам таклиф қилмоқда. Греция расмийлари, Афина ва Анқара ўртасидаги икки томонлама муносабатлардаги жиддий кескинликларга қарамай, зилзила содир бўлган ҳудудга қутқарув гуруҳларини жўнатишга тайёрлигини маълум қилди. «Греция зудлик билан ёрдам беради», деди 6 февраль, душанба куни бош вазир Кириакос Мицотакис. Грецияда сейсмик ҳудудларда катта тажрибага эга EMAK қутқарув гуруҳлари мавжуд.

Брюссел ҳам зилзиладан кейин қутқарув ишларига ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. «Хаёлимиз — Туркия ва Сурия халқлари билан. Европа Иттифоқи ёрдам беришга тайёр», деб ёзди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Twitter’да.

Исроил ҳукумати Туркияга инсонпарварлик ёрдами юборади. Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ўз идораси ва армияга зарур тайёргарлик чораларини кўришни топширди. Исроилнинг фавқулодда вазиятлар билан шуғулланиш тажрибаси борлигини таъкидлаган Галант: «Хавфсизлик кучларимиз керак бўлган ҳар қандай ёрдамни беришга тайёр» деди. Исроил қутқарув хизмати — Zaka қутқарув гуруҳини юборишга тайёрланмоқда. Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн кўп сонли ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар муносабати билан Туркияга ҳамдардлик билдирди ва вазирлигининг ёрдамини ваъда қилди.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам Туркияга зарур ёрдам кўрсатишга ваъда берди. «Президент Эрдўған, турк халқи ва Туркиядаги зилзила қурбонларининг оила аъзоларига ҳамдардлик билдираман, барча жабрланганларга тезроқ соғайиб кетишларини тилайман. Ушбу оғир дамда Туркия халқини қўллаб-қувватлаймиз. Биз ёрдам беришга тайёрмиз. Табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун зарур ёрдам тақдим этилади», — деди Зеленский Twitter’даги саҳифасида турк тилида.

6 февраль куни эрта тонгда Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимолида юз берган кучли зилзила оқибатида 600 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Туркиядаги ҳодиса қурбонлари сони 280 кишидан ошди, 2000 дан ортиқ киши жароҳат олди, деди вице-президент Фуат Ўқтой. Унга кўра, Туркиянинг турли шаҳарларида камида 1710 та бино вайрон бўлган ёки шикастланган. Сурия ҳукумати камида 230 киши ҳалок бўлганини ва 600 дан ортиқ одам жароҳатланганини қайд этган, дея хабар беради Сурия Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Душанба куни эрта тонгда 7,4 магнитудали зилзила эпицентри Туркиянинг Сурия билан чегарадош Қаҳрамонмараш вилояти бўлган. Кейинчалик яна 42 дан ортиқ силкинишлар (афтершоклар) содир бўлди, уларнинг энг кучлиси 6,6 баллни ташкил этди. Бу сўнгги йилларда минтақада рўй берган энг кучли зилзилалардан бири. Туркия ҳукумати хавф ҳақида огоҳлантиришнинг энг юқори даражасини эълон қилди.

Янгиликлар