Ҳаитида сув тошқинлари оқибатида 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

Маҳаллий ҳокимият органларининг 6 июнь, сешанбага ўтар кечаси берган маълумотларига кўра, Ҳаитида сўнгги кунларда сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида камида 42 киши ҳалок бўлди. Маҳаллий қутқарувчиларга кўра, яна 11 киши бедарак йўқолган.

Бир неча кун аввал бошланган ёмғирлар мамлакатнинг 10 та департаментидан 7 тасида сув тошқини ва вайронагарчиликларга сабаб бўлди, дея хабар беради AFP агентлиги. БМТ маълумотларига кўра, 37 минг киши жабр кўрган, 13 мингдан ортиқ киши уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Айниқса, мамлакат пойтахти Порт-о-Пренсдан 30 километр ғарбда жойлашган Леоган шаҳри кўп жабр кўрди. У ерда 3 та дарё ўз қирғоғидан чиқиб кетган ва маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Шаҳар мэри Анри Эрнсоннинг айтишича, аҳоли далалари ва чорва молларидан айрилган. Леоганда озиқ-овқат, сув ва тиббий буюмлар етишмаяпти.

Янгиликлар