Бувайдада ўғит олди-сотдиси билан шуғулланишини айтиб, танишини 25 минг долларга чув туширган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Фарғона вилояти Бувайда туманида минерал ўғитларини олиб-сотиш бизнеси билан шуғулланишини айтиб, танишидан 25 минг доллар олиб, қайтариб бермаган фирибгарга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Бувайда туманида 2020 йил март ойининг бошларида 26 ёшли С.Н. таниши 37 ёшли Б.Қ.га унинг пуллари эвазига улгуржи нархларда қишлоқ ҳўжалиги минерал ўғитларини олиб-сотиш бизнеси билан шуғулланишини ва фойдасидан пулларини қайтариб беришини айтган. Б.Қ.ни алдаб, ундан жами 25 000 АҚШ доллари пулларини олиб, шу кунга қадар қайтариб бермасдан келаётганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Бувайда тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Бувайдада Тошкентдан уй олиб беришни ваъда қилиб, фуқаронинг 7300 долларини ишлатиб юборган фирибгар қўлга олингани, Қувасойда фирибгарлик қилиб, терговдан яширинган шахс ушлангани хамда Қўқонда танишининг 1,5 миллион сўмлик телефонини фойдаланиш учун олиб, сотиб юборган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Фарғонада махсус рухсатномани сохталаштириб, иккита машинани жарима майдонидан олиб чиққан фирибгар қўлга олингани маълум қилинганди.