Наманган ҳокими фермерлардан пахта очилганига маҳлиё бўлмай, ҳосилни кўпайтиришни сўради (фото)

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 6-август, пайшанба куни Мингбулоқ туманидаги фермер хўжалиги далаларида бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, ҳудуддаги «Шер Ҳусан Яминбек» фермер хўжалиги далаларида 50 гектар майдонга пахтанинг «Aндижон-35» нави экилган. Ҳозирда бу ерда 40 центнердан ортиқ ҳосил етиштириш учун меҳнат қилинмоқда.

Ўрганишлар жараёнида вилоят раҳбари ғўза парваришидаги агротехник тадбирлар натижасига баҳо берар экан, айрим майдонларни шира босгани, бу ҳосилдорлик кушандаси бўлиб, унинг олдини олиш борасида  жиддий чоралар кўриш зарурлигига алоҳида тўхталди. Пахта очилганига маҳлиё бўлмай, ҳосилга ҳосил қўшиш лозимлиги таъкидлади.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Мингбулоқда пахта йиғим-теримига ҳам пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Шийпонлар, деҳқон уйлари қурилиб, мавжудлари таъмирдан чиқарилмоқда.

«Бу йилги мавсумда пахта йиғим-терими мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади. Шу боис барча эҳтиёт чоралари кўрилиши, зарур шарт-шароитлар яратилиши лозим. Мазкур шарт-шароитлар тиббий ва эпидемиологик талабларни ҳам ўз ичига олиши зарур», — деди Хайрулло Бозоров.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Aввалроқ Хайрулло Бозоров Уйчи туманидаги янги ғўза навларининг синовини кўздан кечиргани, Бухоро вилояти Жондор туманида эса пахта майдонларида 2020 йил ҳосили учун ғўза парваришида олиб борилаётган ишлар ўрганилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар