Ўзбекистонда коронавирусни даволаш учун ҳар бир беморга сарфланаётган маблағ миқдори ўзгармагани маълум қилинди

AОКA мажлислар залида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Ушбу брифингда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров Ўзбекистонда коронавирусни даволаш учун ҳар бир беморга сарфланаётган маблағ миқдори ўзгармаганини маълум қилди.

«24 апрель куни соғлиқни сақлаш вазири томонидан айтилган (12 кунлик карантинда 32 миллион сўмдан, (кунига 2,4 миллион сўмдан), оғир аҳволдагиларга 64 миллион сўмдан (кунига 4,8 миллион сўмдан) маблағ сарф қилинаётгани) суммаларнинг ҳеч қайсиси ўзгармаган. Чунки ҳар бир бемор кафолатланган тиббий ёрдамини оляпти. Шифокорлар ҳам ўз маошларини олишмоқда», — дейди Улуғбек Собиров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молия вазирлиги коронавирусга қарши курашаётганларга 482 миллиард сўм ажратиб берилганини маълум қилган эди. Шунингдек, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати моддий ёрдам пулларининг тарқатилиши назоратга олинишини маълум қилди.