Самарқанд тиббиёт институти малакали ходимлари коронавирус беморларини даволашда онлайн маслаҳатлар беришни йўлга қўйди (видео)

Самарқанд тиббиёт институтининг профессор-ўқитувчилари COVID-19 инфекциясини юқтириб олган беморларнинг тузалишида амалий ёрдам бермоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалида хабар қилинди.

Ҳар куни 16:00 да тор мутахассислардан иборат гуруҳ Самарқанд тиббиёт институтида йиғилмоқда. Шифохоналардаги шифокорлар ўзлари қараётган беморларнинг аҳволи ва таҳлил натижаларини онлайн тарзда гуруҳга жўнатади. Институтнинг малакали ўқитувчилари беморга қандай тиббий муолажалар наф келтиришини муҳокама қилади ва  даволовчи врачга керакли тавсияларни беради.

Бу гуруҳ нафақат Самарқанддаги беморларга, балки Сирдарё, Жиззаҳ, Қашқадарё ва Сурхондарёдаги беморларга ҳам консилиумлар ўтказиб келмоқда.

Самарқанд тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари томонидан Самарқанд вилоятидан коронавирус инфекцияси бўйича 229 нафар захира инфекционист, эпидемиолог, вирусолог, реаниматолог тайёрланди. Шунингдек, қўшни вилоятларга мазкур институтда ишловчи малакали мутахассислар шифокорлар ва беморларга тўғридан тўғри ёрдам бериш учун юборилди.

Аввалроқ Самарқандда коронавируснинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар тўғрисида ахборот берилган эди. Шунингдек, Самарқандда қайси поликлиникаларда рақамли рентген аппарати кечаю кундуз ишлаши маълум қилинган эди.