Шаҳрихон тумани ҳокимлиги ҳокимият томонидан фуқарога ажратилган уйнинг қайтариб олинганига изоҳ берди

Aндижон вилояти Шаҳрихон тумани ҳокимлиги ҳокимият томонидан фуқарога ажратилган уйнинг нега қайтариб олинганига аниқлик киритди.

Маълум қилинишича, фуқаро Н.Ҳожиматов оиласи билан алоҳида яшаши учун уй-жой билан таъминлаш, бунинг учун «Бувайда» МФЙ ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уйлардан олиш бўйича туман ҳокими Ҳ.Дадахоновга мурожаат қилган. Бу масала бўйича туман ҳокими, мазкур янги уйларни қураётган «Istiqlol Hause 2020» МЧЖ раҳбари ва Н.Ҳожиматов иштирокида оғзаки келишув бўлган.

«Бу уйлар битгунга қадар Н.Ҳожиматов оиласига ‘Тараққиёт’ МФЙ ҳудудида қурилган 117-кўп қаватли уйнинг фуқаро Ф.Раҳимовага тегишли 24-хонадони унинг отаси розилиги билан вақтинча яшаш учун ижара асосида туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Н.Юлдашева, ‘Тараққиёт’ МФЙ раиси хабардорлигида берилган ва уй калити топширилган. Бир неча кундан кейин Н.Ҳожиматов уй эгасининг ишончномасини талаб қилган.

Бу даврда хонадон соҳибаси бошқа ҳудудда бўлгани туфайли отаси кейинчалик ёзиб беришини билдирган. Бироқ уй Н.Ҳожиматовга вақтинча яшаб туриши учун берилганига қарамай, 2 ой давомида бу ерда умуман яшамаган. Шундан сўнг мулкдор ўз уйи калитини қайтариб олган.

Шундан сўнг Н.Ҳожиматовга ижара асосида яшаб туриши, ижара ҳақи ҳомийлик асосида тўланиши кафолатланган бошқа уйлар таклиф этилганда, у бунга розилик билдирмаган», — дейилади хабарда.

Фуқаро Н.Ҳожиматовнинг туман ҳокимига нисбатан асоссиз фикрлар билдиргани туфайли айни пайтда унга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари бошлангани маълум қилинди.

Аввалроқ Хонободда «темир дафтар»га киритилган оилаларга бир марталик ёрдам пули тарқатилган эди.

Шунингдек, Улуғнорда 600 гектар майдонда «Ёшлар боғи» ташкил этилиши хабар қилинди.

Янгиликлар