Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки томонидан ажратилган 500 млн доллар кредитни ўзлаштириш лойиҳаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди

Шавкат Мирзиёев 6 август, пайшанба куни Жаҳон банки иштирокида «Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, 23 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент аграр тармоққа ажратилаётган инвестициялардан тўғри фойдаланиш, юқори натижа берадиган лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берган.

6 август кунги йиғилишда эса Жаҳон банки томонидан ажратилган 500 миллион доллар кредит маблағларини ўзлаштириш бўйича шакллантирилган лойиҳалар муҳокама қилинди.

Президент кўрсатмасига мувофиқ, лойиҳаларни ишлаб чиқишда фанни ривожлантиришга, илғор технологияларни жорий этишга устувор аҳамият қаратилган. Хусусан, жалб қилинаётган маблағнинг 87 миллион доллари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 10 та илмий-тадқиқот муассасаси, 4 та ихтисослашган марказ фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини яхшилашга ажратилади.

Aввалроқ Ўзбекистонда транспорт ва логистика тармоғини ривожлантириш учун 27 миллиард доллар талаб этилиши маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.